Жасурбек Раупов 1975 йили Бухоро вилояти Ғиждувон туманида туғилган. Имом ал-Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтини (1993-1997), Андижон давлат университетининг иқтисодиёт-маркетинг факультетини (2000-2006) тамомлаган. Имом ал-Бухорий халқаро марказида малака оширган. 50 дан ортиқ илмий ва маърифий мақолалари чоп этилган. «Аёл — жамиятимиз файзи» китоби муҳаррири. 1997 йилдан бери Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида меҳнат қилади. 1999 йилдан Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги “Носирхон” жоме масжид имом-хатиби, 2010 йилдан Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари.
— Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир-бирингизни ёмон кўрманглар, бир-биринизга ҳасад қилманглар, бир-бирингиздан аразламанглар, ака-ука тутиниб, Оллоҳнинг (солиҳ) бандалари бўлинглар! Мусулмон одам ўз (диндош) биродари бирлан уч кундан ортиқ аразлашмасин!» — дедилар». Аллоҳнинг расули қайтарган амаллардан бири — ҳасад ҳақида маълумот берсангиз.
— Аллоҳ таоло томонидан инсон азиз ва мукаррам қилиб яратилган. Ислом маънавий камолот даражасига етишда лозим бўлган гўзал тартиб, одоб-ахлоққа доир барча йўл-йўриқларни алоҳида баён қилган.
Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий Ҳасандан ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.) шундай марҳамат этадилар: “Душманлик ва ҳасад яхшиликларни ёнғин ўтинни егандек ейди”.
Абдураҳмон ибн Муовия ривоят қилади: Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Уч нарсадан ҳеч ким нажот топмайди: гумондан, ҳасаддан, фол очишдан”.
Сўрашдики: “Ё Расулуллоҳ! Уларга нима нажот беради?” Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб қилдилар: “Агар ҳасад қилсанг, душманлик қилмагин; гумон қилсанг, ҳақ деб билмагин; ёмон хаёл келса, уни ўтказиб юборгин”.
“Агар ҳасад қилсанг, душманлик қилмагин”, деган сўзнинг маъноси “Агар қалбингда ҳасад бўлса, уни зоҳир қилмагин, у ҳақида ёмонлик билан зикр қилмагин”. Чунки Аллоҳ таоло қалбингда бўлган нарсани тилинг билан айтмасанг ёки шунга амал қилмасанг, жазоламайди.
— Ҳасаднинг ёмонликлари ва оқибатлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Ҳасад ҳасад қилувчи кишига бир қанча азоб ва ёмонликлар келтиради. Бу азоб ва ёмонликлар ҳасад қилинган кишига етмасдан, ҳасад қилувчи кишига етади.
1. Ғам-ташвиш узилмайди.
2. Мусибат олади, унга ажр келмайди.
3. Ёмонликни олиб келади. У билан мақтанилмайди.
4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади.
5. Унга тавфиқ эшиклари ёпилади.
Пайғамбар (с.а.в.) айтадилар: “Огоҳ бўлинглар! Аллоҳнинг неъматига душманлик қилувчилар бор”. Сўрадилар: “Ё Расулаллоҳ! Аллоҳнинг неъматларининг душманлари ким?”. Айтдилар: “Аллоҳ ўз фазлидан одамларга берган нарсага ҳасад қилувчилардир”.
Ҳасад қилувчилар учун роҳат йўқдир. Бахилларда вафо йўқ, чидамсиз кишиларда дўст йўқдир. Ёлғончиларда мардлик йўқдир.
Ҳасан Басрий айтади: “ Эй одам фарзанди! Нима учун биродарингизга ҳасад қиласиз. Агар уни ҳурматлаш учун Аллоҳ ўз фазлидан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласиз?”.
— Қалбидаги ҳасадни тарк қилган бандалар учун қандай хушхабарлар келган?
— Анас ибн Молик айтди: “Бир куни биз Пайғамбар (с.а.в.) ҳузурларида эдик. Шу пайт: “Сизларнинг олдингизга ҳозир жаннат кишиси чиқади”, дедилар. Шу пайт худди шу сифат билан сифатланган киши чиқди. Салом бериб қавм билан бирга ўтирди. Пайғамбаримиз (с.а.в.) туриб кетганларидан кейин ҳалиги киши билан Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ҳам чиқди ва: “Сен менга уйингдан жой берсанг меҳмонинг бўлсам” деди. Ҳалиги киши “Хўп”, деди. Абдуллоҳ уникида бир кеча ётди. Айтадики: “Ўша кеча ҳалиги одам бир соат ҳам туриб ибодат қилмади. Фақат тўшагига ётаётган пайт Аллоҳни зикр қилиб такбир айтди. Ҳатто шу билан бомдодда турди. Сўнг таҳорат қилиб, намозини ўқиди. Эрталаб рўза ҳам тутмади. У кишини қилаётган амалларини кузатдим, ортиқ амални кўрмадим. Сўнгра унга: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в)дан мажлисда: “Сизларга аҳли жаннатдан биттаси чиқади”, деганларини эшитдим. Кейин сиз чиқдингиз ва сиз билан бирга бўлиб, буни аниқламоқни ҳоҳладим. Сиз нима амал қилсангиз кўрдим. Сизга эргашдим. Кўп амал қилганингизни кўрмадим. Сизни Пайғамбар (с.а.в.) айтган нарсага эриштирган нарса нима?” дедим. У айтди: “Кўрганингдек, у ҳеч нарса эмас. Бундан бошқачароқ амал қилмайман, худди ўзинг кўрганингдек. Фақатгина мен мусулмонларнинг бирортаси учун ўзимда ёмонлик топмайман. Аллоҳ таоло яхшилик қилиб берган нарсаларга ҳасад қилмайман”, деди. Мана шу нарса Расулуллоҳ (с.а.в.) айтган мақомга етказади.
— “Тазкия” деганда нимани тушунишимиз керак? Инсоннинг маънавиятини емирадиган иллатлардан бири бўлган ғазаб ҳақида Исломда қандай таълим берилган?
— “Тазкия” (покланиш) қуръоний сўз бўлиб, нафсни ҳалокатга туширадиган, Аллоҳга бўлган иймонини маъносиз ва фойдасиз кўринишга айлантириб қўядиган кирлардан поклашдир.
Ана шу кирларнинг энг хатарлилари ҳасад, кибр, ғазаб, ужб (ўзидан мағрурланиш), гина, дунё, унинг кўринишлари бўлган мол, обру, каби нарсаларни яхши кўришдир.
Абу Саид Худрий (Аллоҳ ундан рози бўлсин), ривоят қилади: Пайғамбаримиз (с.а.в) айтадилар: “Ғазабдан сақланинглар. Албатта у инсон юрагида ўт ёндиради. Кўрмайсизми, агар биронталарингизга ғазаб келган вақтда кўзлари қандай қизаришини ва бўйин томирларининг бўртиб чиқишини. Агар сизлардан бирортангиз ғазабдан бирон нарсани сезса, ётиб ерга ёпишиб олсин”. Ва яна айтдилар: “Сизлардан ғазаби тез келиб, тез кетадиганларингиз бор. Биттаси иккинчиси билан. Сизлардан ғазаби секин келиб секин қайтадиганлар бор. Бири бошқаси билан. Сизлардан яхшиларингиз ғазаби секин келиб секин кетадиганларингиздир”, деганлар.
Пайғамбаримиздан (с.а.в.) ривоят қилинади: “Кимда уч хислат бўлмаса, имон мазасини топмайди. Ҳалимлик — у билан жоҳилнинг жоҳиллигини қайтаради. Тақводорлик — у ҳаром нарсалардан сақлайди. Хушхулқлик — одамлар билан муомала қилади”.
Кўп ҳолларда инсон ўзининг қилаётган ишини тўғри деб билиб, хато ва гуноҳларга йўл қўяётганини эътироф этгиси келмайди. Шундай ҳолатларда унга ўз хатосини тан олмай адашаётганлигини эслатиб қўйиш мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқларидан эканлиги Қуръони каримда баён этилган. Ғазабни ютиш энг қийин ишлардан бўлиб, уни жиловлаб олиш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келавермайди. Лекин қалбида тақвоси бўлган инсонгина ғазабдан ғолиб чиқа олади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ғазаблари келганда уни ичига ютадиган одамларни афв қиладиган кишиларни мақтаб, улар ҳақиқий тақводор эканликларини ва улар учун кенглиги осмонлар ва ерга қадар бўлган жаннатлар тайёрлаб қўйилганлигини баён қилган.
— Кечиримлилик — Исломдаги гўзал фазилатлардан бири. Тарихда мусулмонларнинг айнан шу фазилатлари боис кўп халқлар Исломни қабул қилишган. Авф қилишнинг ҳикматлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
— Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби бўлган Муҳаммад (с.а.в)ни ҳам кечиримли бўлишга буюрган. Тарихдан маълумки, Расулуллоҳ (с.а.в) Тоиф шаҳрига у Сақиф қабиласини Ислом динига чақириш мақсадида борганларида, улар Аллоҳнинг Расулига имон келтириш ўрнига, у зотни тошбўрон қилиб ҳайдайдилар. Муборак бошларидан оёқларигача қонга беланган Муҳаммад (а.с.) ҳузурларига Жаброил (а.с) келиб: “Аллоҳ бу қавмнинг сизга етказган азияти эвазига ўч олиш учун менга нимани буюрсангиз шунга итоат этишимга амр этди” — деганида, Расулуллоҳ (с.а.в): “Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қил. Улар буни билмай қилдилар” — деб дуо қилдилар. Шунда Жаброил (а.с.): “Аллоҳ таоло сизни марҳаматли ва меҳрибон деб рост айтган экан” — дедилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: яъни: “Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг…” — деган (Аъроф 199-оят).
Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга унинг мартаба ва даражасини яна ҳам зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Убода ибн Сомит (рз.) ривоят қилишларича, Расулуллоҳ (с.а.в) саҳобаларга: “Мен сизларга Аллоҳ бандасининг даражасини нима туфайли баландга кўтаришини айтайми?” — дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, айтинг” — дейишди. Шунда Он ҳазратлари: “Сенга жаҳл қилганга мулойим бўлсанг, зулм қилганни афв қилсанг, сени маҳрум қилганга инъом қилсанг, сендан алоқани узган билан алоқани боғласанг” – деб марҳамат қилдилар.
Аллоҳ таоло барчаларимизни Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ахлоқи ҳамидалари билан яхши сифатланиб боришимизни насибу рўзи айласин! Мулойим, ҳаёли, қаноатли, кечиримли, солиҳ бандалардан бўлишимизга муваффақ айласин! Омин.
Давронбек Тожиалиев суҳбатлашди.
http://www.qadriyat.uz/index.php?act=7&nid=13